Эй дўстлар замонга бир назар солинг, Дақиқ тафаккур-ла кўп ўйга толинг, Замон Аллоҳники, бас ибрат олинг, Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар. Бугун дин ҳар кимнинг нафсу ҳавоси, Покликдир нопокнинг қилган даъвоси, Билмадим не экан бунинг давоси, Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар. Дерлар: ''Қалбимдадир менинг худойим." Қалби тошдан қаттиқ сирти мулойим. Балки яқин қолган қиёмат қойим. Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар. Золимнинг унвони "одил шоҳ" бўлди, Ҳақ сўзни айтмоқлик айб-гуноҳ бўлди, Суннатга қайтмоқлик иштибоҳ бўлди. Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар. Оқни қора демоқ бугун бир одат, "Савоб"га айланди шахсга ибодат. Бойликдан изланди бахту саодат, Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар. Оқилга "ахмоқ" деб лақаб қўйилди, Жойлари зиндонга тақаб қўйилди, Покиза ўрнига нопок суйилди. Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар. Мақталар нафратга сазовор зотлар, Илоҳга айланди хор махлуқотлар.. Тикланди қайтадан Лоту-Манотлар. Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар. Эй дўстлар, сабр бу розилик эмас! Зулмга розининг ўзи ҳам нокас. Сабр бу курашдир, сиз курашинг, бас!!! Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар!