Қуръонни махлуқ деган кишининг ҳукми нима?

ФАТВОЛАР

Савол: Қуръонни махлуқ деган кишининг ҳукми нима?

 Ҳофиз Аҳмад Ал Ҳакамий жавоби: Қуръоннинг ҳарфлари ҳам, маънолари ҳам ҳақиқатан Аллоҳнинг Каломидир. Маънолари қолиб, ҳарфларининг ўзи ёки ҳарфлари қолиб, маъноларининг ўзи Аллоҳнинг каломи дейилмайди. Аллоҳ уни сўз билан сўзлади ва Расулига ваҳий билан нозил қилди, мўминлар унга ҳаққи-рост иймон келтирдилар. Қуръонни гарчи қўл билан ёзилса, тил билан ўқилса, дил билан ёдланса, қулоқ билан эшитилса, кўз билан кўрилса-да, бу уни Раҳмон таолонинг Каломи бўлишидан чиқармайди. Бармоқлар, сиёҳ, қалам ва варақлар махлуқ, улар билан битилган нарса махлуқ эмас. Тиллар ва овозлар махлуқ, улар билан тиловат қилинган нарса махлуқ эмас. Қалблар махлуқ, уларда маҳфуз бўлган нарса махлуқ эмас. Қулоқлар махлуқ, улар билан тингланган нарса махлуқ эмас.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир!» (Воқеа: 77, 78).

«Йўқ, у (Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур» (Анкабут: 49).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китоби Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг) сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмассиз» (Каҳф: 27).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин» (Тавба: 6).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Мусҳафга – Қуръонга давомий назар қилингиз, уни кўп ўқингиз!»[1]

Бу ҳақда оят-ҳадислар саноқсиз даражада кўп.

Ким Қуръонни ёки ундан бирон бўлагини махлуқ деса, Исломдан буткул чиқариб юборадиган катта куфр билан кофир бўлган бўлади. Чунки Қуроън Аллоҳ таолонинг Каломи, Ундан бошланган ва Унга қайтади. Калом Унинг сифати, ким Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини махлуқ деса, у одам кофир ва муртад бўлиб, ундан Исломга қайтиш талаб қилинади, агар қайтмаса муртад сифатида қатл қилинади ва унга мусулмонлик ҳукми қўлланилмайди.


[1] Ибн Абу Шайба (7/190) ва Байҳақий (2220) ривоятлари.