Ҳимматни баланд қилинг, биродар!

МАҚОЛАЛАР
Ҳимматни баланд қилишнинг шахс ва жамиятни ислоҳ қилишдаги таъсири

Муҳаммад Аҳмад Исмоил ал-Муқдимнинг “Олиҳимматлик” китобидан

Ислом Нури таржимаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳ таолога хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

 «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

 «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)!» (Нисо: 1).

 «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди.» (Аҳзоб: 70-71).

Мусулмонлар бир аср ёки ундан озроқ вақт ичида бир ҳамла билан ер юзини куч-қувватга, илму ҳикматга, нуру ҳидоятга тўлдирдилар. Дунёни сўраб турган империяларни қулатдилар, ўз байроқларини Осиёнинг қалбига, Африканинг юқорисига, Европанинг чор атрофига қададилар. Қадамлари етган ҳар бир юртга динларини, шариатлари, ва тилларини, дилларни ўзига ром этувчи илмлари ва одобларини қолдирдилар. Улар башарият учун ўрнак ва намуна бўлган буюк Уммат бўлиб етишдилар. Ҳолбуки улар Исломдан олдин на шариат, на илму маърифат ва на тартиб-интизомни билмаган турли дунёқарашдаги одамлар эдилар.

Зотан, ҳимматни баланд қилиш ва ғайрат камарини маҳкам боғлаш бандани икки оёғи ерда-ю, руҳи ва қалби Аллоҳ таолога ва кенглиги еру осмонча бўлган жаннатга боғланган қилиб қўяди.

Бироқ, минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда мусулмонларнинг ҳолатига назар ташлаган киши уларнинг заиф, тарқоқ, қолоқ ҳолда яшаётганини ва башарият карвонининг энг ортки сафида бораётганини кўради.

Ҳимматни баланд қилиш – яхшилик бобларининг ҳаммасида мумкин бўлган камолатга юксалтирувчи нарвон ва мусулмонларни бугунги кундаги ачинарли ҳолатдан халос қилувчи воситалардандир. Хусусан, илм ва жиҳод бобида ҳимматни баланд қилиш ва ғайрат кўрсатиш даражалар юксалишига асосий сабабдир. Бу сифатлар билан зийнатланган кишига барча қийинчиликлар енгил бўлади ва иймон маъносини унутаёзган бу умматни ҳаётга қайтаришга қодир бўлади. Зеро, эрлар ҳиммати тоғларни толқон қилади, марду майдонлар ғайрати ҳиссиз юракларга ҳаёт бахш этади, олийжаноблар ҳиммати умматларни тирилтиради.

Олиҳимматлар олий мақсадлар йўлида фидокорлик билан турадилар, бутун оламнинг фикрларини ўзгартириб юборадилар ва ўзларининг фидокорликлари, жиҳодлари билан ҳаёт оқимини буриб юборадилар. Улар «дунёвий тараққиётни қўлга киритиш» мақсадида эртаю кеч жон куйдирадиган, бозорларда фақат юқори нарҳ-наволар билан иш юритадиган, шахсий фойдалари йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган ҳарис кишилар эмаслар.

Тангликдан олиб чиқиб кетадиган олиҳимматлар озчилик бўлиб, улар сарсонлик дашти ва заифлик ботқоғидан имкон қадар тезлик билан халос бўлишдек муҳим вазифани ўз елкаларига олган нодир кишилардир.

Дархақиқат, Қуръон ва Суннат мўминларни олий ишларга одатланишга, яхшиликларда мусобақалашишга қизиқтиради, ҳимматсизлик ва ғайратсизликдан қочишга чақиради. Бу хақдаги оятлар Қуръони Каримда турли услублар билан келтирилади:

Аллоҳ таоло бизга Мусо алайҳиссаломнинг ўз қавмига айтганларини ҳикоя қиларкан, ҳиммати пастликни қоралайди ва уларни энг хунук суратда тасвирлайди:

 «Эсланг (Бару Исроил): «Эй Мусо, бир ҳил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Роббингга дуо қил, бизга Ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин», деганингизда, у: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? (Бу чўлдан чиқиб) Қайси шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз мавжуд-ку?» — деди. (Ношукрликлари сабаб) уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар». (Бақара: 61).

 «(Эй Муҳаммад), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг — у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озганлардан бўлиб қолди. Агар хоҳласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлар эдик. Лекин у Ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи-нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг» (Аъроф: 175-176).

Аллоҳ таоло жиҳодга чиқмаган мунофиқларни ҳиммати пастлик ва пасткашликка қаноат қилишда айблаб, деди:

 «Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлдилар. Диллари муҳрлаб қўйилди. Бас, улар (жиҳодга чиқишдаги яхшиликни) англамайдилар» (Тавба: 87).

Аллоҳ таоло уларнинг жиҳоддан қолишларини ҳиммати пастлик, дангасалик деб баён қилди: «Агар улар (жиҳодга) чиқишни истаганларида унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлар эдилар. Лекин Аллоҳ чиқишларини истамай, уларни дангаса қилиб кўйди ва уларга (ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан): «Қолганлар (яъни, аёллар, ёш болалар ва ожиз-нотавон кишилар) билан бирга ўтираверинглар», дейилди (шу гаплар уларга ёқиб ўтириб қолдилар» (Тавба: 46).

Шунингдек, дунё ҳаётини охиратдан кўра афзал кўрувчи кишиларни Аллоҳ азза ва жалла айблади. Зеро, бу — ҳиммати пастликнинг энг хунугидир, дунёга суяниб қолиш тубанлик бўлиб, мўмин ундан юқори турмоғи лозим:

 «Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида (жиҳодга) чиқинглар, дейилса, ўз ерингизга (яъни, юртингизга) ёпишиб олдингиз?! Охират (неъматлари)дан юз ўгириб, ҳаёти дунё (лаззатлари)га рози бўлурмисиз?! Охират олдида бу дунё матоси жуда оз нарса-ку?!» (Тавба 38).

 Аллоҳ таоло ҳиммати баланд кишиларни мақтади. Уларнинг аввалида набийлар ва расуллар хусусан уларнинг улул-азм (сабр-матонат эгалари) бўлганлари ва буларнинг энг аввалида сўнгги пайғамбар Муҳаммад — соллаллоҳу алайҳим ва ала набиййина ва саллам — турадилар: «Бас, (эй Муҳаммад), сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек сабр қилинг» (Аҳқоф: 35).

Уларнинг юксак ҳимматлари Аллоҳ таолога бўлган даъватларида, жиҳодларида, матонатларида яққол кўринган. Аллоҳ азза ва жалла пайғамбарлар қиссасида Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳимус-солату васалламни зикр қилиб ўтди.

Шунингдек, Аллоҳнинг динида қувват билан, итоатида сабот билан турган, қасду қарор, мардлик, жасорат ўринларида ҳиммати баланд бўлган дўстларини Аллоҳ таоло кишилар (мард эркаклар) деган сифат билан зикр қилди:

 «(Эй Муҳаммад), ҳеч қачон у масжидда (Зирор масжидида) намозга турманг! Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, сиз ўшанда туришингиз лойиқроқ. Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутувчи зотларни севар» (Тавба: 108).

 «(У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган (қиёмат) кунидан қўрқурлар» (Нур: 36,37).

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ» (Ахзоб: 23).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мўминларни ҳиммати баланд бўлишга ва яхши ишларда мусобақалашишга буюрди. Аллоҳ азза ва жалла айтди:

 «(Эй инсонлар), Роббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу (яъни ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Ҳадид: 21).

«Парвардигорин­гиз томонидан бўлгувси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз!» (Оли Имрон: 133).

«Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор. Яхши ишларга шошилингиз! Қаерда бўлманг, Аллоҳ сизларни (ҳисоб-китоб) учун келтиради. Албатта Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир (Бақара: 148).

«(Эй Муҳаммад), уларга айтинг: «Аллоҳга (иймон келтириш учун) шошинглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантирувчидирман (Зарият: 50).

«Мўминлардан ўзлари бешикаст бўлиб туриб (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Аллоҳ йўлида мол ва жонлари ила курашган зотлар баробар бўлмайди. Аллоҳ молу жонлари билан курашган зотларни (бирон узр сабабли жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилардан ҳам бир даража афзал қилди ва барчаларига гўзал оқибатни (яъни жаннатни) ваъда қилди (Нисо: 95).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ожизликдан, дангасаликдан паноҳ тилар эдилар, асҳобларига айтар эдилар: «Аллоҳ таоло ишларнинг олийсини яхши кўради ва тубанларини ёмон кўради» (Табароний ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларнинг энг комил ҳолатлари фақат охиратга таёргарлик ғами бўлишини баён қилиб, айтдилар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбини хотиржам (борига шукр қиладиган) қилиб қўяди, тарқоқ ишларини жамлаб беради ва дунё (дан унга ёзиб қўйилгани) осонлик билан унга қараб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ муҳтожликни унинг пешонасига қилиб қўяди, жамланиб турган ишларини тарқатиб юборади ва (ҳар қанча чиранмасин) дунёдан унга белгилаб қўйилган миқдоригина келади» (Термизий ривояти).

Китобу Суннатдаги тарғиб ва тарҳиб маъносидаги оят ва ҳадислар асосан мўминнинг қалбини ҳаракатга келтирадиган ва тоат-ибодатларни адо этишга, гуноҳу маъсиятлардан четланишга, ҳимматни қўзғатишга ва ҳаракатга келтиришга йўллайдиган ҳамда яхши ишларда мусобақалашишга чақирадиган олға ундовчи қувватни пайдо қилишга қаратилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар Аллоҳдан сўрасангиз, Фирдавсни сўранглар, чунки у жаннатнинг энг яхшиси ва жаннатнинг энг олийсидир, унинг устида Раҳмоннинг арши бор, ундан жаннат анҳорлари отилиб чиқади » (Бухорий ривояти).

Олиҳимматлик билан зийнатланиш исломий фазилатлардан бўлиб, у туганмас яхшиликларни олиб келади, томирларда улуғворлик қонини жўштиради, илму амал майдонида чопқир қилади.

Ҳимматни баланд тутиш билан бемаъни орзу ҳаваслар барҳам топади, ҳорлик ва хўрлик дарахти қўпорилади.

Ҳимматни баланд қилиш, ғайрат камарини маҳкам боғлаш ҳақидаги гапларимиз, буюк аждодларимизнинг бу борадаги ибратли намуналарини ёдга олишимиз — ўтмиш билан ўралашиб қолиш, бугунимиз ва келажагимиз билан алоқани бутунлай узиш дегани эмас. Акс ҳолда биз осори атиқалар олдида туриб, уларни оғиз кўпиртириб мақтайдиган, бироқ бугунги кунга ҳеч нима беролмайдиган шарҳловчига ўхшаб қолган бўлардик.

Салафи солиҳларимизнинг ғайрат ва ҳимматлари, шон-шавкату ғалабалари ҳақидаги сўзларимиздан «ҳалқлар келажакка интилаётган бир пайтда биз орқага қайтишимиз керак экан-да» деб ўйлаб қолманг. Зеро, инсоният тарихида энг яхши уммат бўлиб етишган зотларга интилишимизнинг ўзи тараққиёт ва башарият ҳали мислини кўрмаган ягона авлод даражасига кўтарилишдир, аслида. Ўтмишимизнинг ибратли намуналари эса умматнинг ислоҳи учун ҳимматларни қўзғотишга энг яқин йўлдир. Аввалгилар нима билан салоҳиятга эришган бўлсалар, кейингилар ҳам фақат ўша билангина тузалишлари мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат Биз сизларга бир Китоб — Қуръон нозил қилдикки, унда сизлар учун зикр (яъни эслатма) бордир» (Анбиё: 10).

Улуғлик, эхтиром эшиклари эса ҳар бир рағбат қилувчига доимо очиқдир.

Ким бу эшиклардан киришни истаса, ҳақиқатларга тик боқсин, оёғи остига қарасин ва ҳаётда кутилмаган мўъжизалар содир бўлишини кутиб яшамасин. Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11).

Бадр жанги куни ансорлардан уч киши Қурайш мушрикларига қарши яккама-якка олишувга чиққан пайтни эсланг. Шунда мушриклар: «Аллоҳга қасамки, уларни ҳасаб ва насабда камситмаймиз, аммо бизга қурайшлик тенгларимиз чиқсин» деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий, Ҳамза ва Абу Убайдани чиқарган, сўнг бу учовлари уларни ер тишлатган эдилар. Ҳа, одамлар доим шундай, ҳатто жангдаги рақиблари ҳам ўз тенглари бўлишини хоҳлайдилар. Бугунги куннинг «қурайшликлари» илмий анжуманларда, адабий йиғинларда, матбуот идораларида, сиёсий даргоҳларда, юридик кабинетларда, ишлаб чиқариш ширкатларида, банк муассасаларида фаолият олиб бормоқдалар. Демак, Ислом даъватчилари ҳам бугунда мана шуларга тенг келишга интилишлари вожиб. Шоир айтганидек: «Бу шундай замонки, унда ажиб ҳаёллар билан ўртада туриб қолма, ёки олға илгарила ёки четга чиқ, қобилиятлиларга ўртачалик ярашмайди».

Келиши кутилаётган ва чиқишига кўз тикилаётган ислоҳотчи ва мужаддид сиз бўлишингиз мумкин. Шундоқ экан, Аллоҳнинг изни билан ҳаёт оқимига кириб келинг! Фиръавн сизни хар қанча тўсишга ва бешикдаёқ бўғишга харакат қилмасин, барибир Аллоҳнинг ваъдаси рўёбга чиққувсидир, Аллоҳ ваъдасига асло хилоф қилмас.

Албатта мусулмон уммати сиздан бу зимистонда, ғафлат қоронғуси ичра унинг қалбига ҳиммат чироғини ёқадиган Умарлар шижоатини, ноумидлик даштига умид уруғини ташлайдиган Айюблар нидосини кутяпти. Сизнинг ҳаракатингизга қараб Аллоҳдан баракат келади. Аллоҳдан ёрдам сўранг ва ожиз бўлманг. Аллоҳ таоло айтади: «У (одамлар ёғин-сочиндан) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳмат-барокотини кенг ёядиган зотдир. У ҳамду сано эгаси бўлган Дўстдир» (Шуро: 28).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Умматимнинг мисоли ёмғирга ўхшайди, унинг охири яхшими ёки аввалими, билиб бўлмайди» (Термизий ривояти).

«Аллоҳ таоло менга ерни жамлаб берди, мен унинг мағриб ва машриқларини кўрдим, умматимнинг эгадорлиги менга жамланган жойгача етади» (Муслим ривояти).

«Аниқки, бу иш кеча ва кундуз етиб борган жойгача етиб боради, бино бўлсин, чодир бўлсин, бирорта ҳам уйни қолдирмасдан Аллоҳ азизнинг азизлиги ва хорнинг хорлиги билан бу динни унга киргизади, азизликки у билан Исломни азиз қилади, хорликки у билан куфрни хор қилади» (Аҳмад ривояти).

Сўзимиз охирида оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи, асҳобларига саловоту саломлар йўллаймиз.

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *