Жавобини ўзимиздан излайлик…

ШЕЪРИЯТ БЎСТОНИ
Қачон келар Роббимизнинг нусрати,
Қачон тугар мазлумларнинг ҳасрати,
Етмадими ижобатнинг фурсати,
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Етармикан бизга фатҳу омонлик?
Тугармикан фисқу-фасод, ёмонлик?
Ё биз учун бу хаёлми, армонлик?!
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Кофир туриб мўъмин ёвга айланди,
Алиф қадлар бугун вовга айланди,
Мўъмин қадри наҳот овга айланди!?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Шиоримиз бирлашишлик, тилларда,
Лек нимадир ғов бўлмоқда дилларда.
Журъат борми покиза кўнгилларда?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Етмадими вақти, ибрат олмоқнинг?..
Кўнгилларга бироз ҳиммат солмоқнинг?
Чораси не мансур уммат бўлмоқнинг?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Жоҳил бугун маслаҳатчи, ҳар ишда.
Аҳли илм маломатда, қарғишда,
Ёки фалак давомийми, гардишда!?...
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Бугун ишда ўта "закий" инсонлар,
Ўлим зикри улардан кўп нисёнлар,
Зако дея, қилинурми исёнлар?..
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Ўзгардими ёки зако сийғаси?
Кўп эшитиб ё чиқдими сийқаси,
Абу Бакр ила Умар пойгаси?..
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Заковат бу жўмард ҳолда ўлмоқми?!
Ё бировдан бирон нарса юлмоқми?!
Бу не ахир, шариъатдан кулмоқми!?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Барча бугун ғолий бўлмоқ истайди,
Ўз сўзини олий қилмоқ истайди.
Айтинг бунга бизни нима қистайди?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Борми бугун тафриқадан безорлар,
Аллоҳ учун муҳаббату, ийсорлар,
Ваҳдат учун жон бергувчи ансорлар?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Кўплар хурсанд, шариъатдир мақсади
Тафриқадан ғофил, бордир шуҳрати.
Қайга борар бўлмаса Ёр нусрати?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Умидлар ҳам сўниб бўлган кўнгилда,
Тан беришлик ахир жуда енгилда,
Нима кутар бизни охир манзилда?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Мақсад билан амалимиз бирмикан!?
Қалбга боқсак қалб ойнаси кирмикан!?
Аслимизга боқмоқлик оғирмикан!?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Қалб ойнасин тозаловчи кўз ёши,
Кўз ёш эрур асл тавбанинг боши,
Ё тавбага етмасми қалб бардоши!!!?
Жавобини ўзимиздан излайлик...

Кўз ёш ила кўзгуни пок айлабон,
Тақво ила боқайлик унга ҳамон,
Шунда бўлар асл чеҳра намоён.
Ё, қилурми шунда ҳам нафс ғалаён?!

...Қолганини қалбимиздан сўрайлик...



Отсиз Чавандоз
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *