Ҳокимга гувоҳларсиз, ёлғиз ўзига махфий равишда насиҳат қилиш – ҳокимларга насиҳат қилиш одобларидандир
Чунки, бундай қилиш насиҳатнинг холис эканига аломат бўлиб, ҳоким ҳам уни қабул қилиши осон бўлади. Ҳокимнинг хатоси ўзига чекланган бўлса ва ҳоким билан ёлғиз учрашиш имкони бўлса, унда махфий равишда насиҳат қилиш афзал. Бироқ, ҳокимнинг хатоси ўзига чекланмай, жавру зулми барча фуқароларга умумий бўлса ва у ўз хатосини очиқ-ошкора қилгани етмай, бошқаларни ҳам шунга чақирса, қилмаганларни тазйиқ ва қувғинга олса, бу ҳолда насиҳат очиқ-ошкор ва халққа билдириб қилиниши лозим бўлади. Чунки сурбетларча ошкора қилинаётган хатою исёнларга махфий равишда насиҳат қилиш фойда бермайди.
Аслида булар мусулмон амирлари, бироқ иккита сифат билан – намозни вақтидан кечиктириш ва ёмон одамларни ўзларига мамлакат ишларини бошқаришда маслаҳатчи, вазир қилиб яқинлаштириш билан сифатланишган. Мана шу амирларга нисбатан уларнинг ботиллари, фисқу зулмларига ёрдам беришдан қочиш учун шундай муомала қилиш вожиб бўлса, энди кофир ва муртадлиги аниқ бўлган ҳокимлар ёнида ишлашдан албатта четланиш лозим. Бу ерда амирларга итоат қилишга буюрувчи ҳадислар билан улардан четланиш ҳақидаги ҳадислар ўртасида зидлик йўқ. Яъни, мусулмон амирга итоат қилишга буюрувчи ҳадисларда итоат маъруф-яхши ишларда бўлиши шарт қилинади. Агар унга итоат қилиш зулм ва ботилга ёрдам беришга олиб келиши ёки фасод ва маъсиятни кучайтириши аниқ бўлса, бу ҳолда унга қарши чиқиш ва итоат қилмаслик керак бўлади. Чунки динимизда собит қоида шуки, Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат қилинмайди, ёрдамлашув фақат яхшилик ва тақво устида бўлади, гуноҳ ва тажовуз устида эмас.
Чунки улар оммани ўша ҳокимларнинг ҳақиқатини билишдан адаштириб, чалғитишади, уларнинг ботил ва зулмларини ҳақ ва адолат қилиб кўрсатишади. Мусулмон киши – айниқса у олим бўлса – фосиқ ва золим ҳоким билан ҳамсуҳбат бўлиб юриши одамлар кўзида ўша ҳокимнинг йўли тўғрилигининг гувоҳи деб эътибор қилинади.
Чунки, уларга зулм ва фасодлари устида аралашиш ортидан бир неча хатарлар келиб чиқади. Жумладан: уларнинг зулм ва фасодларига рози бўлиш, ботилларига муроса қилиш, ҳаққа зид ишлари ҳақида лом-мим демаслик, шунингдек уларнинг ботил ва фасодларини одамлар кўзига яхши кўрсатиш. Хусусан бу иш аҳли илм ва шарафли кишилар томонидан содир бўлса, ботилни ривожлантиришга сабаб бўлади, унга ишонган ва ҳурмат қиладиган кишиларнинг йўлдан озишларига, шунингдек, одамларнинг ҳақдан нафратланадиган ва Аллоҳнинг динига киришдан юз ўгирадиган бўлишларига сабаб бўлади. Ушбу сабаблар бир кишида жамланса, шубҳасиз уни ҳалок қилади.
Чунки улар золим ҳокимлар қўлидаги халққа зулм қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва ҳурматларига тажовузкорлик қилиш, зўравонлик сиёсатларини куч билан юргизиш қуроли ҳисобланишади. Золим ҳоким одамларга ҳукмини улар орқали ўткизади. Шу боисдан ҳам улар мана шундай қаттиқ ваъидга – Аллоҳнинг ғазабига лойиқ бўлишади.
Иёз ибн Ғанм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда-ким салтанат соҳибига насиҳат қилмоқчи бўлса, уни очиқ-ошкор қилмасин. Қўлидан ушлаб, холи қилиб гапирсин. Қабул қилса қилди, бўлмаса зиммасидаги вазифани адо этган бўлади» (Аҳмад, Ибн Аби Осим ривояти, Албоний саҳиҳ санаган).
Иёз ибн Ғанм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг султонга насиҳати бўлса, уни холи топиб, қўлидан тутиб гапирсин. Қабул қилса қилди, рад қилса ҳам у ўз зиммасидаги вазифани адо қилган бўлади» (Аҳмад, Ибн Аби Осим ривояти, Албоний саҳиҳ санаган).
Бундай қилиш зўравон ҳоким олдида ҳақни очиқ айтиш қоидасига зид келмайди
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг афзал жиҳод – зўравон султон олдида айтилган адолатли сўздир» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3650).
Бир ривоятда: «Энг афзал жиҳод – зўравон султон олдида айтилган ҳақ сўздир».
Бир ривоятда: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зўравон султон олдида айтилган адолат калимаси энг улкан жиҳодлардандир» (Саҳиҳу сунанит-Термизий: 1766).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шаҳидларнинг саййиди – Ҳамза ибн Абдулмутталиб ва зўравон ҳоким олдида туриб, унга амри маъруф ва наҳий мункар қилганида ўлдирилган кишидир» (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 491).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга энг суюмли жиҳод – зўравон ҳокимга айтиладиган ҳақ сўздир» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 168).
Шунингдек, золимнинг қўлидан ушлаб, уни зулмдан тийиш ва ҳаққа мажбурлаш қоидасига ҳам зид келмайди
Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши бир қавм ичида маъсиятлар қилиб турган бўлса, уни ўзгартиришга қодир бўла туриб ўзгартиришмаса, ўлмасларидан туриб албатта Аллоҳнинг азобига дучор бўлишади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3624).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мендан сўнг қилмайдиган нарсаларини гапирадиган ва буюрилмаган нарсаларни қиладиган амирлар бўлади. Ким уларга қарши қўли билан жиҳод қилса, у мўминдир. Ким уларга қарши тили билан жиҳод қилса, у мўминдир. Ким уларга қарши қалби билан жиҳод қилса, у мўминдир. Унинг ортида эса иймон йўқдир». (Саҳиҳу маворид-из-замъон: 1298).
Мусулмон ҳокимга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳам раият зиммасига лозим бўлган ишлардан
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта саҳобалари бизларни қайтаришган: «Амирларингизни сўкманглар, уларга хиёнат қилманглар, уларни ёмон кўрманглар, Аллоҳдан тақво қилиб, сабр қилинглар! Зеро, иш (ўлим) яқиндир». (Ибн Аби Осим «Сунна»да ривояти, Албоний саҳиҳ санаган).
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳнинг султонини хорласа, Аллоҳ уни хор қилади» (Термизий, Ибн Аби Осим «Сунна»да ривояти, Албоний саҳиҳ санаган).
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳнинг султонини улуғласа, қиёмат куни Аллоҳ уни улуғ қилади» (Табароний ва бошқалар ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 5951).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бешта иш борки, ким улардан биттасини қилса, Аллоҳнинг кафолатида бўлади: касални кўрса ё жанозага қатнашса ё ғазотга чиқса ё амирига ҳурмат бажо келтириш учун унинг ҳузурига кирса ё одамлар унинг ёмонлигидан, у одамларнинг ёмонлигидан саломат бўлиб, уйида ўтирса» (Аҳмад, Ибн Аби Осим «Сунна»да ривояти, Албоний саҳиҳ санаган).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўйсафид мусулмонни, Қуръонга (ундан махфий маънолар излаб ёки унга қаттиқ амал қиламан деб) ғулув кетмаган ва ундан бутунлай узоқлашиб кетмаган ҳомили қуръонни (яъни Қуръонни кўтарган — ёд олиб амал қилган кишини) ҳурмат қилиш, адолатли султонга ҳурмат-эҳтиром бажо келтириш Аллоҳни улуғлаш жумласидан» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4053).
Омма (давлат) мулкидан ҳоким нималарга ҳақли
Абдуллоҳ ибн Зурайр ал-Ғофиқийдан ривоят қилинади: Қурбонлик куни Алий ибн Аби Толиб ҳузурига кирган эдик, бизга хазира (гўштли аталага ўхшаш таом) тақдим қилди. Биз: «Эй амирул муъминийн, бизга мана бу ўрдак ва ғозлардан берсангиз бўларди, мол-дунё кўп бўлса», дедик. У деди: «Эй Ибн Зурайр, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Халифага икки товоқдан бошқаси ҳалол бўлмайди, бир товоқни ўзи оиласи билан ейди, бир товоқни (меҳмонига) едиради», деганларини эшитганман» (Аҳмад, Ибн Абид-Дунё «Вараъ»да ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 362).
Муставрид ибн Шаддод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бизда омил (амалдор-хизматчи) бўлса (байтул-мол ҳисобидан) уйлансин, ходими бўлмаса ходим олсин, уй-жойи бўлмаса уй-жой олсин! Ким бундан ортиқчасини олса, хиёнаткор бўлади» (Абу Довуд ривояти, Албоний «Мишкот»да саҳиҳ санаган: 3751).
Бундан ортиқчаси Аллоҳнинг молида ноҳақ тасарруф қилиш бўлади
Хавла ал-Ансориядан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Баъзи кишилар Аллоҳнинг молида ноҳақ тасарруф қилишади. Қиёмат куни уларга дўзах бўлади» (Бухорий ривояти).
Золим ва фосиқ мусулмон подшоҳ билан ҳамсуҳбат бўлиш ва аралашиб юриш агар унинг зулми, фисқи ва туғёнига ёрдам беришга олиб келса, ундан четланиш лозим
Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Устингизга шундай амирлар келадики, ёмон одамларни яқинларига олишади, намозни вақтидан кечиктиришади. Кимда-ким улардан шу нарсани билса, асло ирриф (жамоат ё маҳалла раиси) ҳам, шуртий (миршаб, полициячи) ҳам, солиқчи ҳам, хазинабон ҳам бўлмасин» (Ибн Ҳиббон ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 360).
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мендан сўнг сизларга билган нарсаларини гапирадиган ва билганларига амал қиладиган омиллар (амалдорлар) волий бўлади. Уларга итоат қилиш тоатдир. Бир замон шу ҳолда турасизлар. Сўнг улардан кейин билмаган нарсаларини гапирадиган ва билмаган нарсаларини қиладиган омиллар волий бўлади. Кимда-ким уларга дўстона муносабатда бўлса ва ёрдам берса, уларни қўллаб-қувватласа, ўшалар ўзлари ҳам ҳалок бўлади, бошқаларни ҳам ҳалокатга етаклашади. Уларга танларингиз билан аралашинглар, бироқ амалларингиз билан улардан ажралинглар! Яхшига яхши деб, ёмонга ёмон деб гувоҳлик беринглар!» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 457).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мендан сўнг сизларга шундай амирлар келадики, мункар деб билган нарсаларингизни маъруф, маъруф деб билган нарсаларингизни мункар дейишади. Сизлардан қай бирингиз ўша ҳолатга етишса, Аллоҳга осий бўлган кимсага итоат йўқдир!» (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 590).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мендан сўнг келажакда ишларингизни шундай кишилар бошқарадики, суннатни ўчиришади, бидъатга амал қилишади, намозларни вақтидан кечиктиришади». Мен: «Ё Расулуллоҳ, агар ўшалар замонига етсам нима қилишим керак?» деб сўрадим. «Нима қилай деб сўрайсан-а, эй Ибн умми Абд?! Аллоҳга осий бўлган кимсага итоат қилиш йўқ!», дедилар. (Аҳмад, Ибн Можа, Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 590).
Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қулоқ солинглар! Мендан сўнг амирлар бўлади. Ким уларнинг ҳузурига кириб, ёлғонларини тасдиқлаб, зулмларига ёрдам берса, у мендан эмас, мен ундан эмасман, (қиёмат куни) менинг ҳузуримга ҳавзи кавсарга келмайди. Ким улар олдига кирмаса, зулмларига ёрдам бермаса, ёлғонларини тасдиқламаса, у мендан, мен эса унданман, у менинг ҳузуримга ҳавзи кавсарга келади» (Саҳиҳу сунанит-Термизий: 1843).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Огоҳ бўлинглар! Мендан сўнг зулм қиладиган ва ёлғон гапирадиган амирлар бўлади. Ким уларнинг ёлғонларини тасдиқласа, зулмларида уларга кўмаклашса, у мендан эмас, мен ундан эмасман! Ким уларнинг ёлғонларини тасдиқламаса, зулмларида уларга кўмаклашмаса, у мендан, мен эса унданман!» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2244).
Абдуллоҳ ибн Хаббобдан, унинг отаси (Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эшиклари ёнида ўтирган эдик. У зот олдимизга чиқиб келдилар ва: «Қулоқ солинглар!», дедилар. Биз: «Қулоғимиз сизда», дедик. Яна: «Қулоқ солинглар!», дедилар. Биз: «Қулоғимиз сизда», дедик. Яна: «Қулоқ солинглар!», дедилар. Биз: «Қулоғимиз сизда», дедик. Сўнг дедилар: «Мендан сўнг амирлар бўлади. Сизлар уларнинг ёлғонларини тасдиқламанглар, зулмларига ёрдам берманглар! Ким уларнинг ёлғонларини тасдиқласа ва зулмларига ёрдам берса, менинг ҳузуримга ҳавзга келмайди!» (Табароний, Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2245).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Келажакда амирлар бўладики, уларнинг маъруф ишлари ҳам, мункар ишлари ҳам бўлади. Ким уларга қарши бўлса нажот топади, ким улардан ажралса саломат бўлади, ким уларга аралашса ҳалок бўлади» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3661).
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга амирлар таъйин қилинади. Сизлар улардан яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам кўрасизлар. Ким (уларнинг ёмонликларини) ёмон кўрса, улардан пок бўлибди ва гуноҳларига шерик бўлмабди. Ким (уларнинг ёмонликларини) инкор этса, (бу гуноҳ уқубатидан) қутулибди. Бироқ, уларнинг ёмонликларига рози бўлган ва эргашган киши (ундай эмасдир)», дедилар (Муслим ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Охир замонда эрталаб Аллоҳнинг ғазабида кетиб, кечқурун Аллоҳнинг ғазабида қайтувчи миршаблар бўлади» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3666).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким золимга ботили билан ҳақни рад этишида ёрдам берса, Аллоҳ азза ва жалланинг ва Расулининг зиммасидан (аҳдидан) хориж бўлади» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1020).
Абул-Аъвар ас-Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Султоннинг эшикларидан узоқ бўлингиз! Чунки (уларга кириш) машаққат ва хорликка айлангандир» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1253).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким султоннинг эшикларига (яъни унинг ҳузурига) борса фитналанади. Бир кишининг султонга яқинлашиши қанча зиёда бўлса, Аллоҳдан узоқлашиши шунча зиёдалашади» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1272).
Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳовузим (яъни ҳавзи кавсар) Адан билан Аммон оралиғича, қадаҳлари осмон юлдузлари сонича, ундан бир бор ичган киши асло ташна бўлмайди. Умматларимдан ҳовузга, менинг олдимга келадиган кишилар ичида сочлари тўзғиган, кийимлари кирланган, бой-бадавлат аёлларга уйланмаган, остоналарга – яъни подшоҳлар эшикларига – келмаган, зиммаларидаги нарсаларнинг ҳаммасини берадиган, ўз ҳақларининг ҳаммасини ололмайдиган кишилар бўлади» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 3617).
Юқорида келтирилган ҳадислар Аллоҳ йўлида ҳаракат қиладиган, Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қиладиган, фуқаролар хусусида Аллоҳдан қўрқадиган одил мусулмон султон-ҳокимга тааллуқли эмас. Мазкур сифатлар соҳиби бўлган ҳокимга ёрдам бериш, уни қўллаб-қувватлаш албатта зарур.
Султонлар ҳақидаги аҳкомларни суиистеъмол қиладиган кишиларнинг хатоси шундаки, улар мазкур аҳкомларга тааллуқли шаръий далилларнинг айримларини олиб, айримларини олишмайди, ҳаммасини олганлари ҳам улар ўртасини тўғри жамлай олишмайди.
Ёки Аллоҳ нозил қилган ҳукмлар билан ҳукм қиладиган адолатли мусулмон ҳоким ҳақида айтилган шаръий далилларни фосиқ ва золим ҳокимга, баъзан ҳатто кофир ва муртад ҳокимга ҳам татбиқ қилишади. Айримлар эса, аксинча, фосиқ ва золим ҳоким ҳақида айтилган сўзларни адолатли мусулмон ҳокимга ҳам қўллашади. Ҳар икки гуруҳнинг йўли ҳам хато ва залолатдир. Биринчи гуруҳ муржиалар ва аҳли тафрит фикрини ўзида мужассам қилаётган бўлса, иккинчи гуруҳ ҳаддан ошган хаворижларнинг бугунги кундаги давомчилари саналишади.
Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавот ва саломлар йўлласин.
Муҳаммад Исмоил таржимаси