Ибн Исҳоқ “Сийрат” китобида Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу Хандақ кунида мушриклар паҳлавони Амр ибн Абдил Вудда билан мубораза қилганини баён қилган.
Бу куни Амр ибн Абдил Вудда майдонга чиқиб:
– Ким муборазага чиқади? – деб қичқирди. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб:
– Мен чиқаман ё Росулуллоҳ,- деди. Унга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ўтир, ахир у Амр-ку?! – дедилар. Амр яна мусулмонларга қарата: – Мен билан олишадиган мард борми? Сизлардан ўлганлар ваъда қилинган жаннатларинг қаерда қолди? – деб қичқирди.
– Мен чиқай, ё Росулуллоҳ! – деди яна Али розияллоҳу анҳу.
– Ўтир! – дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Учинчи марта Амр нидо қилиб шундай мазмунда шеър ўқиди:
– Сизлардан муборазага чақиравериб овозларим қирилиб кетдику. Баҳодирман, деганлар қўрқоқ бўлиб қолди. Мен мардонавор кутиб қолдим. Шунингдек, тезлашда давом этдик, ҳаракатдан илгари.
Жанг бошланишидан илгари сизлардан паҳлавонларингизни жангга чорлаяпман. Йигит кишидаги шижоату тантилик ажиб табиатдир.
Бу сўзларга бардош қила олмаган Али розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб кетдиларда:
– Мен чиқай ё Росулуллоҳ, деди.
– Бу ахир Амр-ку?! – дея қайтардилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
– Амр бўлса бўлар!! – дедилар Али розияллоҳу анҳу. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бердилар Али розияллоҳу анҳу майдонга чиқиб, бу маънодаги шеърни ўқиди:
Шошилмагин, чақириғингга чиққан йигит ожиз эмасдир,
Ростгўй, онгли, холис ният соҳиби келди, сенинг олдингга,
Мен сени жанозанг гирёнин таратмоқни умид қиламан,
Шундай бир зарба урайки, кўплар уни куйлаб юрсинлар.
– Сен ўзи кимсан? – сўради Амр.
– Мен Али ибн Аби Толибман! – деди Али розияллоҳу анҳу.
– Амакиларим орасида сендан кўра каттароғи йўқми?
– Мен сенинг қонингни тўкишни истайман! – дедилар.
Бу сўздан ғазабланган Амр қиличини қинидан суғурди, қиличи ўт шуъласига ўхшаб нур таратди. Амр Али розияллоҳуга ташланди. Шунда Али розияллоҳу анҳу Амрга:
– Мен икки киши билан олишгани чиқмадим – деди. Амр ибн Абди Вудда орқасига ўгирилиб қараган пайтда Али сакраб туриб қиличи билан Амрнинг бўйнига урди. Амр гурсиллаб ерга йиқилди. Шовқин-сурон кўтарилди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбирни эшитиб, Алининг Амрни ўлдирганини англадилар.