Савол: Айрим мусулмонлар носаролар байрамларида қатнашадилар, бу хусусда сизнинг кўрсатмангиз қандай?
Жавоб: Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин мусулмонларнинг носаро-яҳудий ёки бошқа кофир қавмларнинг байрамларида иштирок этиши жоиз эмас, балки бундай амалларни қилмаслик фарздир. Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса ўзи ҳам ўшалардан бўлади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ўхшашдан ҳамда динсизларнинг хулқлари билан хулқланишдан ҳазар қилишга ўргатганлар.
Шунга кўра мусулмон эркак ва аёллар бундай ишлардан ҳазар қилишлари фарздир. Шариъатга зид байрамларда бирор нарса билан ёрдам бериш асло жоиз эмас, зотан бу байрамлар шариъатга зид байрамлардир.
На уларда қатнашиш ва на байрам аҳлига ёрдам бериш, хоҳ бир пиёла чой, кофе ёки идиш-товоқлар бериш билан кўмаклашиб бўлмайди.
Чунки Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъоло айтади:
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва (Аллоҳ қўйган) чегараларни бузиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир». Моида:2оят
Кофирлар байрамларида уларга қўшилиб иштирок этиш гуноҳ ва Аллоҳ қўйган чегараларни бузишга кўмаклашишдир.
——————————————————————-
Илмий баҳслар ва фатволар учун доимий қўмитанинг бу саволга жавоби:
Аллоҳга барча мақтовлар бўлсин, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У кишининг оила–аҳллари ва саҳобаи-киромларига салавоту- саломлар бўлсин.
Ҳамду санодан кейин:
Биринчидан: Мусулмонлар орасида исломий диний шиорларни тарқатиш, ҳамда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг кўрсатмаларига хилоф ишларни қилмаслик суннатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «…Менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар…» Абу Довуд, Тирмизий, Ибни Можжа, Дорими ва Аҳмад ривоятлари.
Иккинчидан: Мусулмон киши кофирлар байрамида иштирок этиши ва байрам муносабати билан шоду-хуррамлик, ҳурсандчилик изҳор қилиши, диний ё дунёвий байрам ишларга таътил қўйиши асло жоиз эмас.
Чунки бу нарса кофирларга ўхшаш ва улар билан бирга ботил нарсаларга ёрдам бериш жумласига киради. Бу эса Аллоҳнинг шариъатида ҳаромдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб айтганлар:
«Кимда-ким ўзини бирон қавмга ÿхшатса, бас, у ҳам улардан биридир» Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва (Аллоҳ қўйган) чегараларни бузиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир. ». Моида:2оят
Шайх ал-Ислом ибн Таймиянинг «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим» номли китобларига мурожаат этишингизни насиҳат қиламиз, у китоб мана шу бобда жуда фойдалидир. Тавфиқ Аллоҳдан ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва оила аҳллари ва саҳобаи киромларига салоту саломлар бўлсин.
Абдул ал-Азиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Абдурраззоқ Афифий
Абдуллоҳ ибн Қуъуд
Абдуллоҳ ибн Ғудаййан
Шайх ибн Усайминнинг жавоблари.
Савол: «Рождество» байрами билан кофирларни табриклаш ҳукми қандай?.
Байрам муносабати билан улар билан йиғинларда иштирок этиш бўладими?
Жавоб: Шайх Усаймин роҳимаҳуллоҳга сизнинг саволлингизга ўхшаш савол берилганида, шундай жавоб қайтарганлар ўша савол–жавобни сизга ҳавола қиламиз:
Кофир кимсаларни «рождество» байрами билан табриклаш ҳукми ҳақида? Бу байрам билан бизни табриклашса қандай жавоб қайтарамиз? Шу муносабат билан ташкил этилган йиғилиш жойларига борса бўладими? Юқорида айтиб ўтилган нарсаларни қасд қилмаган ҳолда борса одам гуноҳкор бўладими?
Мулоҳаза қилиб, ё мажбурликдан ё уялиб ё бошқа сабаблар туфайли қилган бўлсачи?
Бу каби ишларда уларга ўзини ўхшатса бўладими?
Фазилатли Шайх жавоб бердилар: «Рождество» байрами, бундан бошқа кофирларнинг диний байрами билан табриклаш, олимлар иттифоқи билан харомдир.
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Аҳли зимма ҳукмлари» деган китобларида айтадилар: «Кофирларга хос шиорлар билан табриклаш олимларнинг иттифоқи билан ҳаромдир!
Мисол қилиб: «байрамингиз муборак бўлсин» «байрамингиз билан» деб уларни байрамлари ва рўзалари билан табрик этиш, ёки бу байрам ва бошқа ўзга байрамлар билан табриклаш, гарчи бу гапларни айтган кимса куфрдан саломат қолса ҳам, бу ҳаром қилинган амаллардандир. Бу «хоч (крест)га сажда қилишинг билан”, деб табриклашга теппа-тенг бўлади, балки Аллоҳнинг наздида ундан кўра гунохи каттароқ ҳамда ароқ ичиш, ноҳақ одам ўлдириш, зино қилиш ва шунга ўхшаш амаллар билан табриклашдан ҳам кўра Аллоҳнинг хузурида ғазабга ҳақлироқ амалдир.
Кўпинча динни асло қадрламайдиган одамлар бундай амалларга тушиб қолиб, қилаётган ишларининг қабиҳ-хунуклигини билмайдилар.
Ким бирон кишининг маъсият ё бидъат ё куфр билан табрикласа, Аллоҳнинг ғазаби ва нафратига рўбарў бўлибди»
Иқтибос тугади.
Кофирларни диний байрамлари билан табриклаш ҳаромлиги ва Ибн Қоййим айтиб ўтган даражада бўлишининг сабаби, кофирларнинг табриклашда улар қилаётган кофирлик анъаналарини тан олиш ва гарчи мусулмон киши ўзига куфрни рози бўлмасада, уларга кофирликни рози бўлиш маънолари бордир.
Мусулмон кишига кофирлар анъаналарига рози бўлиши ё бировни кофирлар шиор ва анъаналари билан табриклаш харомдир.
Зотан Аллоҳ таъоло бундай ишларга рози бўлмайди.
Аллоҳ таъоло айтади:
«Агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас албатта Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. (Аммо) У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар), У зот сизлар учун (фақат шукр қилиб, иймон келтиришларингизгагина) рози бўлур».
Зумар: 7оят.
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни Дин қилиб танладим».
Ишдаги ҳамкасблари бўладими, бошқаларми бунинг фарқи йўқ, уларни байрамлари билан табриклаш харомдир.
Агар улар бизларни байрамлари билан табрикласалар, уларга жавоб қайтармаймиз, чунки бу байрамлар бизнинг байрамимиз эмас. Аллоҳ рози бўлмайдиган байрам, ё динларида бўлмаган хурофот, динларида бўлса ҳам, ё Аллоҳ барча халқларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали юборган Ислом дини келиши билан бекор этилган байрамлардир. Аллоҳ рози бўлмайдиган байрам бўлгани боис, бизларга табрик сўзини айтишса унга ҳеч қандай сўз қайтариб жавоб бермаймиз.
Мусулмон кишига бу муносабат туфайли уларнинг таклифларини қабул қилиб боришлари ҳаром бўлади. Ундай йиғинларда уларга қўшилиб иштирок этганлиги боис, бунинг гуноҳи, табрик сўзини айтишдан кўра каттароқ.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Кимда-ким ўзини бирон қавмга ÿхшатса, бас, у ҳам улардан биридир» деган сўзларига кўра кофирларга ўхшаб, бу байрам муносабати билан йиғинлар уюштириб, совға-саломлар, ширинликлар тарқатиш, турли таомларни тайёрлаш, ишхоналарда таътилларга чиқиш ва шу кабилар мусулмон кишига ҳаромдир.
Шайх ул-Ислом Ибн Таймия ўзларининг «Иқтизо ал- сирот ал-мустақим муҳолифат ал-асҳабил жаҳийм» номлик китобларида айтадилар:
«Кофирлар байрамларида кофирларга ўхшаш, кофирларнинг қилаётган ботил амалларига хурсанд бўлишларига сабаб бўлади ҳамда уларни фурсатдан фойдаланиш ва заиф-бечораларнинг обрўсини тўкишга тамаъдор қилиб қўяди»… Иқтибос тугади.
Ким юқорида айтиб ўтилган ишларни қилса, гуноҳкор бўлади, хоҳ бу ишларни мулохаза юзасидан ёки меҳр кўрсатиб ё уялиб ва ё бошқа сабабларга кўра қилган бўлса ҳам бари бир гуноҳкор бўлади.
Зотан бундай ишлар Аллоҳнинг динига тилёғламачилик ва кофирлар руҳини кучайиши, динлари билан фаҳрланишларига боис бўладиган амаллардир.
Аллоҳдан мусулмонларга динлари билан азиз қилишини, ҳамда динда собит қилишини ва душманларига қарши нусрат беришини сўраб қоламиз.
Аллоҳ ниҳоятда Куч –Қудратли Зотдир. «Янги йил»да мусулмонларнинг бир–бирларига совға беришлари
Савол: Янги йил байрами муносабати билан мусулмонларнинг бир–бирларига совға бериб, яхши тилакларда бўлишлари жоизми? Эслатиб ўтишимиз керак–ки, улар бу тилакларни ўша байрам учун йиғилиш ниятида қилишмайди.
Шайх Муҳаммад Солиҳ ал–Мунажжид жавоб беради (Фатво № 177460):
Алҳамдулиллаҳ …
Мусулмонларнинг Янги йил байрами муносабати билан бир–бирларига совғалар бериб, кечалар уюштиришлари жоиз эмас. Чунки бу, бизларга таъқиқланган кофирларга менгзашликдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, бас, у ўшалардан биридир»– деганлар (Абу Довуд 4031). Аллома Албоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни «Саҳиҳу Сунани Аби Даавуд» китобида саҳиҳ деган.
Ҳар йили такрорланадиган кун билан табриклаш, унинг учун кечаларни уюштириш, уни байрам қилиб олиш маъносини англатади. Бу эса, биз мусулмонларга таъқиқланган.