Қабилаларо низоларда ўлдирилган одам шаҳид ҳисобланадими?

ФАТВОЛАР

Савол: Саудия Арабистони Қироллиги ҳудудида яшаётган қабилаларда ғаройиб одатлар бор. Бу одатлар бир-биридан тубдан фарқ қилсада, ҳозирги кунимизгача давом этиб келмоқда. Қабилалар ўртасида низо бўлиб бирор киши ўлса, шу шахс мансуб бўлган қабиладагилар арзимас баҳоналар билан муаммолар чиқариб, ўртада яна бировларнинг ўлимига сабабчи бўладиларда, у мақтулни ювмай ва кафанламай устидаги кийим–боши билан дафн этадилар ва: «Бу одам шаҳид бўлди!»– дейдилар. Айтингчи, бу одам ҳақиқатан ҳам шаҳид бўлиб ўлган бўладими? Уни шундай усул билан дафн этиш жоизми?   

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5346):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Ўзининг моли ёки жони ёхуд номусини ҳимоя қила туриб ўлдирилган одам фазилат ва савоб нуқтаи назаридан шаҳид ҳисобланади. Бироқ, унга ғазотларда ўлдирилган шаҳид ҳукмини берилмайди. Шу боис уни ювиб, кафанлаб, жаноза намозини ўқилади. Абу Довуд (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Сунан»ида Саид ибн Зайд разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Ким динини мудофаа қилаётганида ўлдирилса – шаҳиддир. Ким қонини ҳимоя қила туриб ўлдирилса – шаҳиддир. Ким молини мудофаа қилаётганида ўлдирилса – шаҳиддир. Ким оиласини мудофаа қилаётганида ўлдирилса – шаҳиддир» (Термизий 1485; Насоий 3558. Термизий бу ҳадисни саҳиҳ деди).

Бундан ташқари Умар разияллоҳу анҳу мазлум ўлароқ ўлдирилди ва уни саҳобалар ювишиб, жаноза намозини ўқидилар. Усмон ва Алий разияллоҳу анҳумолар ҳам мазлум ўлароқ ўлдирилдилар. Уларни ҳам саҳобалар ювиб, жаноза намозларини ўқидилар.   

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Улашинг :