Тингловчи саволи: Ўзини Аллоҳ тарафидан мададланган тоифа эканини иддао этган тоифалар сони талайгина бўлиб, одамлар бу маънода шубҳалана бошладилар. Майдонда тасаввуф, салафийя ва бошқа Исломга мансуб тоифалар кўпайиб кетди. Аллоҳ устингиздан баракаларини ёғдирсин, айтингчи, уларнинг тўғрилигини қандай билишимиз мумкин?
Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 3):
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Яҳудийлар етмиш бир гуруҳга бўлиндилар – ва улардан биттасигина жаннатга киради. Улар – Мусо алайҳиссаломга издош бўлганлардир –, насоролар етмиш икки гуруҳга бўлиндилар – ва улардан бир гуруҳгина жаннатга киради. Улар – Ийсо алайҳиссалом издошларидир –, бу уммат эса етмиш уч гуруҳга бўлинади ва улардан биттасигина жаҳаннамдан нажот топган гуруҳдир» (Ибн Можа 3992). Саҳобалар: Ё Расулулоҳ, жаҳаннамдан қутулган тоифа кимлар?,– деб савол берганларида: «Жамоат» ёки бошқа бир ривоятда: «Мен ва саҳобаларим юрган йўлда юрганлар»– деб жавоб бердилар (Термизий 2641).
Жаҳаннамдан нажот топган тоифа – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ҳақиқат узра бирлашган, унда устувор турган ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар манҳажида юрган кишилар – аҳли суннат ва жамоатдир. Улар Қуръон ва суннатга амал қилиш борасида салаф солиҳга издош бўлган ҳадис аҳллари бўлиб, уларга мухолиф бўлган барча гуруҳларга жаҳаннамдан огоҳлантириш бордир.
Тингловчи синглимиз, сиз ўзини нажот топган гуруҳ ўлароқ атаётган жамоатларнинг қилаётган амалларига қаранг: агар уларнинг амаллари шариатга мувофиқ бўлса улар нажот топган тоифадан, бўлмаса, ундан эмасдир.
Ҳар бир тоифани тортиб кўриш мезони – Қуръон Карим ва пок суннатдир. Амал ва гаплари Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ кетаётган ҳар бир тоифа, жаҳаннамдан нажот топган гуруҳ ичига кираверади. У иккисига хилоф иш юритаётган жаҳмий, мўътазила, рофиза, муржиъа, Аллоҳ рухсат бермаган нарсаларни «ижод» қилиб олган тасаввуф аҳлининг кўп қисми каби тоифаларнинг барчаси шариатга хилоф қилган ишларидан тавба қилмагунларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳаннамдан огоҳлантирган гуруҳлар ичига кираверадилар.
Ўзида пок шариатга хилоф ишлари бўлган жамоатлар бундан Аллоҳга тавба қилишлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган тўғрилик ва ҳақиқатга қайтишлари фарздир. Агар у гуруҳ дин номидан ўзи «ижод» қилган бидъатлар ичида қолиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлида устивор турмаса, жаҳаннам ваъда қилинган жамоатдан бири бўлиб қолади. У жамоатларнинг барчаси кофир эмас, фақатгина, жаҳаннамдан огоҳлантирилган, холос. Гоҳида эса улар ичидаги айрим одамлар куфр ишни қилгани учун кофир бўлиши, гоҳида эса кофир бўлмасада, динда Аллоҳнинг рухсатисиз пайдо қилиб, жорий этган бидъати туфайли жаҳаннамдан огоҳлантирилиши мумкин.
Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.